Президент томонидан 2 февраль куни «Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.
Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг элита уруғчилик хўжаликлари (кейинги ўринларда – Уруғчилик хўжаликлари)ни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. Улар шоличилик кластерлари ёки шоли экишга рухсат этилган минтақаларда шоли етиштирувчи фермер хўжаликлари базасида ташкил этилади.
Шолининг элита ва авлодли уруғчилигини етиштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилади. Уруғчилик хўжаликлари юқори авлодли уруғликларни карантин назоратидан ўтказилган хорижий компаниялардан ёки Шоличилик илмий-тадқиқот институтидан олади ва кўпайтиришни ташкил этади. Уруғчилик хўжаликлари томонидан уруғлик шолини тозалаш, саралаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади. Экилган уруғлик шоли майдонлари белгиланган тартибда апробация кўригидан ўтказилади ва сертификат олинади.
2021 йил 1 июндан бошлаб уруғлик шолига мувофиқлик сертификатини бериш, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилган юридик шахслар томонидан ҳам амалга оширилишига рухсат берилади.
Ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
шоли экиш: |
2021 йилда |
2022 йилда |
кўчатлаб экиш усулида |
шоли майдонларининг камида 20%ида |
шоли майдонларининг камида 40%ида |
замонавий уруғ сеялкалари орқали |
шоли майдонларининг камида 30%ида |
шоли майдонларининг камида 50%ида |
лазер ускунаси ёрдамида ер текислаш тизимини жорий этиш орқали |
шоли майдонларининг камида 50%ида |
шоли майдонларининг камида 70%ида |
Шунингдек эксперимент тариқасида, жорий йилда тегишли ҳудудларда қуйидаги усулларда шоли етиштириш йўлга қўйилади:
- 500 гектардан майдонда зовур сувларидан фойдаланган ҳолда;
- 50 гектардан майдонда анъанавий суғориш усулини қўллаган ҳолда, аммо тунда сув бермаслик усулида;
- 20 гектардан майдонда ёмғирлатиб суғориш усулида ҳамда 20 гектардан майдонда тупроқости томчилатиб суғориш усулида.
2021 йил 31 декабрга қадар шоли етиштиришда шолини замонавий уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналарини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларга сотиб олинган уруғ сеялкалари ва кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20%игача Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Қуйидагилар 2023 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатларга мувофиқ божхона божидан озод қилинади:
- шоли нав ва дурагай уруғликлари;
- лаборатория жиҳоз ва ускуналари;
- замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари;
- дон қуритиш ускуналари ҳамда бутловчи қисмлари.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Прогноз кўрсаткичлар:
а) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосили учун шоли етиштириш бўйича;
б) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги илмий муассасаларда 2021 йил ҳосили учун шоли навларини жойлаштириш ва суперэлита уруғлик шоли етиштириш ҳажмлари бўйича;
- Ўзбекистонда шоличиликни ривожлантириш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури.
Шунингдек ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
- бир далада икки йилдан ортиқ шоли етиштирилишига йўл қўймаслик бўйича илмий асосланган алмашлаб экиш тизимини жорий қилиш;
- Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитларини ўрганиб, хориждан шолининг юқори ҳосилли навлари уруғларини олиб келиш ҳамда уларни маҳаллий шароитда кўпайтириш бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш, ушбу амалиётни тажриба-синов натижаларига кўра республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этиш;
- Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида шоличилик йўналишида қабул квотасини ошириш;
- Қорақалпоғистон Республикасида Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалини ҳамда Вьетнам аграр университети билан биргаликда шоличилик йўналишида қўшма факультет ташкил қилиш.
Ҳужжат 4.02.2021 йилда Халқ сўзи газетасида чоп этилган.
Эльмира Сиразиева.