Президентнинг 27.05.2021 йилдаги «Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни, логистика ва савдо тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5127-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ Фарғона вилояти Учкўприк туманида 15 га ер майдонида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси (кейинги ўринларда – Комплекс) ташкил этилади. Комплекс қурилишини ташкил этишга «Микрокредитбанк» АТБ буюртмачи этиб белгиланди.
Комплексда барпо этиладиган объектлар:
а) биринчи навбатда Учкўприк туманидаги «Бобошбек», «Бекмурод», «Зиғир», «Палохон» ва «Яккамулла» маҳалла фуқаролар йиғинларида уй хўжалигида фаолият юритаётган ташаббускорларга енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш учун танлов орқали сотилади;
б) ташаббускорларга қуйидаги шартлар асосида сотилади:
- логистика маркази, қўшимча маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо дўконлари, ишлаб чиқариш цехларини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бизнес-режа ёки ТИАга эга эканлиги;
- юқоридаги фаолиятни юритиш учун зарурий кўникма, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш.
Комплекс ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехлари, савдо дўконлари ва бошқа объектларнинг сотиб олиниши ташаббускорларнинг ўз маблағлари, банк кредити ёки лизинг асосида амалга оширилади.
Шунингдек Учкўприк тумани ҳокимлиги муассислигида МЧЖ шаклида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплексини бошқариш ва ободонлаштириш офиси ташкил этилади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Комплексда савдо дўконлари, ишлаб чиқариш цехлари, кичик савдо расталари ва логистика марказини ташкил этишнинг прогноз кўрсаткичлари;
- Комплексда қуриб битказилган объектларни ажратиш бўйича комиссия таркиби.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.05.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.