Адлия вазирлиги “25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалар ва банкнотларни муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни рўйхатдан ўтказди (рўйхат рақами 3183, 18.09.2019 йил).
2020 йил 1 мартдан бошлаб:
- 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик, 1, 5, 10, 25 сўмлик қийматидаги тангалар;
- 1, 3, 5, 10, 25 сўмлик эски намунадаги банкнотлар қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.
Ушбу танга ва банкнотлар ҳеч қандай монелик, чекловларсиз, тўлов ёки воситачилик ҳақи ундирилмаган ҳолда:
- 2020 йил 1 мартга қадар ҳисоб-китоб касса марказлари, тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан;
- 2020 йил 1 мартдан 2021 йил 1 январга қадар эса фақат ҳисоб-китоб касса марказлари томонидан алмаштириб берилади.
Бунда ҳисоб-китоблар мижозлар ва аҳолининг талабига асосан:
- банк пластик картаси ҳисобварақларига кирим қилиниш орқали (тўлиқ қийматда);
- муомаладаги танга ва банкнотларга айирбошлаб бериш орқали;
- мижозларнинг тегишли ҳисобварақларига, фуқароларнинг аризасига асосан омонатга кирим қилиш орқали;
- коммунал ва бошқа бир марталик тўловлар учун қабул қилиш орқали амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.09.2019 йилдан кучга кирди.