Вазирлар Маҳкамасининг 21.11.2020 йилдаги «Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 739-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг 11.02.2019 йилдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-4185-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада кучайтириш мақсадида:
ХТВ, ОЎМТВ ҳамда Молия вазирлигининг етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларида ҳамда уларни тамомлагандан сўнг академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар, шунингдек олий таълим муассасаларида таълим-тарбия оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилади. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган болаларга уларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда 2 БҲМ миқдорида пул маблағлари тўланади.
Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун 100 БҲМ миқдорида, транспортда юриш карточкаларини олиш учун 5 БҲМ миқдорида пул нафақаси берилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Умумий ўрта таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом;
- «Меҳрибонлик» уйи тўғрисидаги низом;
- Болалар шаҳарчаси тўғрисидаги низом;
- Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисидаги низом.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.11.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.