Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.2025 йилдаги «Замонавий биржа механизмларини жорий этиш орқали биржа савдоларида нархлар ўзгаришининг олдини олишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ВМҚ-220-сон қарори қабул қилинди.
2025 йил 15 июлдан бошлаб монопол корхоналар ва (ёки) устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс томонидан ишлаб чиқарилган:
- хлорид ва нитрат кислоталари;
- натрий цианид;
- гипохлорит натрий;
- суюқ азот, суюқ хлор;
- рух белиласи;
- ферромолибден, базальт, фосфорит ва доломит уни маҳсулотларини барча харидорларга ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасида икки томонлама қарама-қарши аукцион орқали биржа савдоларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Маълумот учун: икки томонлама қарама-қарши аукцион биржа савдоларида амалга ошириладиган ва бир вақтнинг ўзида товарларни сотиш бўйича ўз таклифларини киритувчи сотувчилар ҳамда сотиб олиш учун ўз таклифларини таклиф қиладиган харидорлар иштирок этадиган аукцион.
Товарларни икки томонлама муқобил аукцион режимида савдога қўйишга рухсат беришга биржанинг Листинг комиссияси томонидан уларни биржа котировкалаш варағига киритиш йўли билан йўл қўйилади.
Биржа котировкалаш варағига киритиладиган товарлар қуйидаги талабларга жавоб беришлари лозим:
- биржа савдоларига улгуржи партияларда қўйилиши;
- юқори ликвидли, ўзгармас сифат кўрсаткичларига эга бўлиши;
- товар савдога мунтазам равишда (мурожаатлар доимийлиги) қўйиб борилиши ва сотилиши;
- товарни савдога қўйиш вақтида уларнинг олдиндан кўздан кечириш талаб қилинмаслиги;
- мажбурий тартибда мувофиқлиги баҳоланиши лозим бўлган маҳсулотларнинг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг бўлиши.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 11.04.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев