16 ёшдан катталар ва 16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун янги анкета шакллари ишлаб чиқилди ва давлат рўйхатидан ўтказилди (22.05.2019 йилда 3161-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Амалдаги ариза-анкетанинг шакли 16 та бандни ўз ичига олган 4 варақдан иборат бўлиб, унда кўрсатилиши лозим бўлган маълумотларнинг аксарияти тегишли идораларнинг маълумотлар базалари орқали идоралараро маълумот алмашиш йўли билан аниқланиши мумкин.
Янги анкета шакли 1 варақда 11 та банддан (16 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар учун 9 та банддан) иборат.
Энди шаклдан олдингисида бўлган қуйидаги бандлар чиқариб ташланди:
- аризачининг яқин қариндошлари, шу жумладан ота-онаси, болалари, агар ўзаро никоҳда болалари бўлган бўлса, собиқ турмуш ўртоғи ҳақидаги маълумотлар;
- аризачига суд томонидан қўйилган, ижро этилмаган мажбуриятлари мавжудлиги, судда фуқаролик даъвоси кўзғатилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- аризачининг хорижга чиқишдан мақсади (қайси давлатга ва мақсади), унга нисбатан жиноят иш қўзгатилганлиги ҳақидаги маълумотлар;
- ариза-анкета шаклининг корхона, муассаса, ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан имзоланиши ва муҳр билан тасдиқланиши ҳақидаги талаб;
- аризачи сўнги 2 йил мобайнида қачон ва қайси хорижий давлатларда бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар;
- аризачи хорижий давлатларнинг қонунларига риоя қилмагани учун шу давлатнинг хуқуқни муҳофаза қилиш хизматлари томонидан маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- аризачининг сўнгги 5 йилдаги меҳнат фаолияти ҳақида меҳнат дафтарчасидан кўчирма.
Мазкур анкета ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (маълумотларни йиғиш пункти)нинг масъул ходими томонидан шакллантирилиб, анкета берган шахсга таништирилади ҳамда у томонидан имзоланади.
! Маълумотларни йиғиш пунктининг масъул ходими томонидан анкетада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.