Марказий банк Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлади (рўйхат рақами 3219, 10.02.2020 й.).
Молиявий маблағларни жалб қилиш ва уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти (кейинги ўринларда - ташкилот) ҳисобланади. Ташкилот томонидан молиявий ресурсларни ажратиш йўли билан ипотека кредитлари қайта молиялаштирилган тижорат банки қарздор-банк ҳисобланади.
Маълумот учун: Ипотекани қайта молиялаштириш тартиби Президентнинг 13.05.2019 йилдаги “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5715-сон Фармонида белгиланган (4-бандига қаранг).
Ташкилот томонидан қарздор-банкка ажратиладиган кредитлар давлат қимматли қоғозлари, қарздор-банк томонидан жисмоний шахсларга ажратилган ипотека кредити ва банк депозитлари билан таъминланиши мумкин.
Қарздор-банкка қуйидаги ҳолларда ташкилот томонидан кредит ресурслари ажратилмайди:
- охирги ҳисобот санасига тузилган молиявий ҳисоботига салбий фикр билдирилган аудиторлик хулосаси тузилган бўлса;
- кетма-кет охирги тўрт чоракда фаолиятини зарар билан якунлаган бўлса;
- пруденциал нормативларга риоя этилмаган бўлса.
Ташкилот ўз фаолиятини қуйидаги маблағлар ҳисобидан молиялаштиради:
- ўз маблағлари;
- маҳаллий ва халқаро капитал бозорларидан жалб этилган молиявий ресурслар;
- молиявий ташкилотлар, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари;
- Давлат бюджети маблағлари;
- қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ташкилотга жисмоний ва юридик шахслардан депозитлар (омонатлар) қабул қилиш ва жисмоний шахслардан қарз маблағларини жалб этиш тақиқланади. Ташкилот асосий ҳисобварағини Марказий банкда очади.
Ташкилот ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари реестрига киритилгандан кейин ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни амалга оширишга ҳақли. Ташкилотнинг бўш пул маблағлари давлат қимматли қоғозларини сотиб олиш ва Ўзбекистон банкларига депозитга йўналтириши мумкин.
Ташкилот энг кам миқдори 25 млрд сўм бўлган устав фондига эга акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади. Бунда ташкилотнинг устав фонди миллий валютада шакллантирилади ва муассисларининг пул маблағларидан ташкил топади. Ташкилотнинг устав фондини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан, шунингдек мажбурият юклатилган бошқа маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Устав фондининг энг кам миқдори ташкилотни реестрга киритиш тўғрисидаги ариза Марказий банкка тақдим этилган кунга қадар тўлиқ шакллантирилган бўлиши керак.
Жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистоннинг норезидентлари ташкилот муассислари бўлиши мумкин. Ташкилотнинг номида «ипотекани қайта молиялаштириш» сўз бирикмаси кўрсатилиши керак. Ташкилотни реестрга киритиш учун қуйидаги талаб ва шартлар бажарилиши лозим:
- қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтиши;
- тегишли устав фондининг шакллантирилиши;
- ташкилотнинг ижроия органи раҳбари ва бош бухгалтери ёки бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи бошқа мансабдор шахс белгиланган малака талабларига мувофиқлиги (Низомда белгиланган, таҳр.).
Ташкилотни реестрга киритиш учун ҳужжатлар ариза билан бирга Марказий банкка тақдим этилади. Ариза бепул кўриб чиқилади.
Ташкилот Ўзбекистонда филиаллар ташкил этиши мумкин. Филиални очиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ташкилот 10 кунлик муддат ичида Марказий банкни бу ҳақда хабардор қилиши ва тегишли бошқарув органининг қарори нусхасини тақдим этиши лозим.
Кузатув кенгаши ўз мажбуриятларини бажаришда унга кўмаклашувчи қўмиталар, хусусан аудит, таваккалчиликни бошқариш, бошқарув ва ходимлар билан ишлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича қўмиталарни ташкил этади.
Тасдиқланган Низомда таваккалчиликларни бошқариш ва ички назорат, бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи ва аудит борасидаги минимал талаблар, шунингдек пруденциал талаблар кўрсатилган, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби белгиланган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.02.2020 йилдан кучга кирди.
Анвар Иркаходжаев.