Президент томонидан 17 август куни “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, коронавирус пандемияси даврида фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг даромадларини изчил ошириб бориш мақсадида:
2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб:
- бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 баробарга оширилади.
Қуйидагилар:
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 822 000 сўм;
- базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 270 000 сўм;
- пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 289 000 сўм;
- ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 565 000 сўм;
- болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 622 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 440 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 440 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори – ойига 623 000 сўм;
- 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 2 750 000 сўм этиб белгиланади;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 440 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 440 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 165 000 сўмдан қўшилиши белгиланади.