Президент 15.01.2024 йилда ПФ-10-сонли «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасини илмий тадқиқ қилиш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ташкил этилмоқда, унинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- республикадаги криминоген вазиятга оид чуқур тадқиқотларни амалга ошириш, жиноятчилик тенденцияларини таҳлил ва прогноз қилиш;
- ҳудудлар кесимида криминоген вазиятни барқарорлаштириш чораларининг самарадорлигини илмий жиҳатдан баҳолаш, шунингдек қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали жиноятчилик омилларини бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш.
Институт Ички ишлар вазирлиги ташкилий тузилмасига киради ва Жамоат хавфсизлиги масалалари илмий-амалий тадқиқотлар марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Институт раҳбари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.01.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев