Президентнинг 01.07.2022 йилдаги “Нодавлат спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 302-сон қарори қабул қилинди.
2022 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:
- ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ҳамда совриндор бўлган спортчилар томонидан ташкил этилган нодавлат спорт-таълим муассасаси фаолиятини олиб бориш учун давлат тасарруфида бўлган зарур бино ва иншоотларни 2024 йил 1 январга қадар ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) уларга тақдим этиш;
- 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар нодавлат спорт-таълим муассасаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларини 50 фоизга камайтириш.
Маълумот учун: нодавлат спорт-таълим муассасалари Солиқ кодексига асосан ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланади.
Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тайёрлаган давлат спорт-таълим муассасалари тренерларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари нодавлат спорт-таълим муассасаларида фаолият юритаётган тренерлар учун ҳам татбиқ этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.07.2022 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова.