Қонун ҳужжатларига қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари такомиллаштирилишига оид тузатишлар киритилди (10.08.2020 йилдаги ЎРҚ-631-сон Қонунга қаранг).
Биринчидан, янги механизм – парламент текшируви жорий этилади. Жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида парламент текшируви ўтказилади.
Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан парламент текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади (қўшма қарор қабул қилиниши ҳам мумкин) ҳамда уларнинг вакилларидан иборат Комиссия тузилади, у:
- давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассисларни, экспертларни ва олимларни комиссия ишига жалб этишга ҳақли;
- давлат органларидан, хўжалик бошқаруви органларидан, бошқа ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олишга, уларни тушунтириш бериш учун таклиф этишга ҳақли;
- Парламентнинг тегишли палатасини бажарилган ишлар тўғрисида белгиланган муддатда хабардор қилади.
Иккинчидан, Қонунчилик палатаси ва Сенатга давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш ҳуқуқи берилди. Бу ҳукумат аъзоларига нисбатан белгиланган тартибга кўра амалга оширилади.
Учинчидан, парламент сўрови, сенаторнинг сўрови, Қонунчилик палатаси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатининг сўровига жавоб ким томонидан имзоланиши аниқлаштирилди. Жавобни ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс имзолайди.
Эслатиб ўтамиз, сўров қуйидаги масалалар юзасидан асосланган тушунтириш берилиши ёки ўз позициясини баён этиш талабини ифодалайди:
- қонунлар, турли соҳалардаги давлат дастурлари ижроси ҳамда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари юритувидаги бошқа муҳим масалалар юзасидан – парламент сўрови;
- тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан – сенатор сўрови;
- тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан – депутат сўрови.
Статистика бўйича кўпгина сўровларга манзили бўйича жавоб берилмаётганлиги тузатишлар киритишни тақозо этди. Масалан, 2018 йилда юборилган 207 та парламент сўровига бошқа мансабдор шахслар томонидан имзоланган 120 та жавоб олинган. 2019 йилда 175 та (72%) депутат сўровига тегишли органлар раҳбарларининг ўринбосарлари, 13 та (5%) сўровга – тобе ташкилотлар раҳбарлари, 2 та сўровга (1%) – бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан жавоб берилган.
Тўртинчидан, қуйидагилар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти киритган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқилаётганда иштирок этиши ва маъруза билан сўзга чиқиши мумкин:
- Жўқорғи Кенгес, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий ва Олий судлар – улар тайинлаган вакил орқали;
- Президент ва Бош прокурор – шахсан иштирок этиши ёки вакил тайинлаши;
- Қонунчилик палатаси депутатлари – шахсан иштирок этиши.
Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда кимлар лойиҳани кўриб чиқишда иштирок этиши ва маъруза билан сўзга чиқиши кўрсатилади.
Бешинчидан, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари мақоми белгиланди. У:
- халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни ривожлантиради, бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича бошқа тузилмалар (парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқалар) фаолиятини мувофиқлаштиради, парламентлараро дипломатияни ривожлантиради, халқаро шартномаларнинг ҳукумат томонидан бажарилишини назорат қилишга доир ишларни ташкил этади, ташкилий ва бошқа вазифаларни бажаради;
- ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради ва фракция таркибига кириши мумкин эмас;
- Қонунчилик палатаси қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 11.08.2020 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.