Президентнинг 13.11.2018 йилдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ЎзАда жойлаштирилган.
Кредитлар фоизларнинг бир қисмини компенсация қилиш билан
“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат улуши Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан эквиваленти $50 млнга (эквивалентда) оширилади. Бу пуллардан паррандачиликни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида бошқа тижорат банкларига ҳам кредитлар ажратиш учун фойдаланилади.
Бунда бизнесга ушбу кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисми Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация қилинади. 2019-2020 йилларда молиялаштирилаётган лойиҳанинг ҳажми ва валюта туридан қатъи назар компенсация миқдори қуйидагича бўлади:
- айланма маблағларни тўлдиришга (инкубацион тухумлар, 1 кунлик жўжа, озуқа маҳсулотлари, дори-дармон ҳамда қўшимча компонентлар ва бошқалар) - банк томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 25%и миқдорида, аммо кредит ставкасининг 5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда;
- наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, паррандачилик кластерларини ва инкубация цехларини ташкил қилиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника ва бошқа асосий воситаларни харид қилиш ҳамда барпо этиш учун - банк томонидан ўрнатилган кредит ставкасининг 50%и миқдорида, аммо кредит ставкасининг 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда.
Паррандачилик кластерлари – ҳар бир ҳудудда
Босқичма-босқич барча ҳудудда парранда етиштириш, уни қайта ишлаш ва якуний тайёр маҳсулот тайёрлаб, истеъмолчига етказиш жараёнини тўлиқ қамраб олган паррандачилик кластерларини ташкил этишни (2019 йилда 13 та) бошлайдилар. Салоҳиятли тадбиркорлик субъектларини, молиялаштириш манбалари ва ер майдонларини аниқлаган ҳолда манзилли дастурни 2019 йил 1 февралга қадар муддатда ишлаб чиқишади.
Бундан ташқари, маҳсулот сифатига сезиларли таъсир кўрсатувчи хавф ва муҳим назорат нуқталарини таҳлил қилиш (“HACCP”), Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (“ISO”) ва “Halal” стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, паррандачилик корхонасини технологик лойиҳалаштириш меъёрлари ва парранда маҳсулотларини халқаро тан олинган сертификатлаштириш ишлаб чиқилади.
Божхона имтиёзлари
2021 йил 1 ноябрга қадар муддатда:
- наслли она товуқ ва барча турдаги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш, парранда етиштиришни ташкил этиш, парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш, инкубация цехларини ташкил этиш, паррандачиликка ихтисослашган бино-иншоотларни қуриш ва қайта таъмирлаш, махсус техника, эҳтиёт қисмлар ва бошқа асосий воситалар;
- чет эл ташкилотлари ва унинг шуъба корхоналари, фирма дўконлари,
дилерлик тармоқлари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан паррандачилик хўжаликлари эҳтиёжи учун четдан келтирадиган парранда озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария препаратлари, диагностикумлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.
Қўшимча преференциялар
Биринчидан, ишлаб чиқаришнинг муносиб амалиёти (GMP – Good Manufacturing Practice) сертификатларига эга бўлган паррандалар учун чет эл вакцина ва биопрепаратлари мамлакатимизда қўшимча мувофиқлик сертификатларисиз тан олинади.
Иккинчидан, паррандачилик хўжаликлари томонидан импорт қилинаётган ем бўладиган дон темир йўл орқали истисно тариқасида, МДҲ темир йўллари тариф сиёсатининг 35%идан кўп бўлмаган миқдорда чегирма билан ташилади.
Учинчидан, айрим паррандачилик хўжаликларига дон маҳсулотларини ЎзРТХБ биржа савдоларида харид қилишга рухсат берадилар. Уларнинг рўйхати “Паррандасаноат” уюшмаси томонидан солиқ ҳамда ветеринария ҳисоботларида акс этган парранда бош сонидан, шунингдек дон маҳсулотларининг тасдиқланган меъёрларидан келиб чиқиб тузилади. Рўйхат уюшмасининг сайтида жойлаштириб борилади.
Янги илмий-диагностика маркази
“Паррандасаноат” уюшмаси ҳузурида замонавий илмий-диагностика лаборатория маркази ташкил этилади. У барча парранда хўжаликларига хизмат кўрсатади. Унинг вазифалари жумласида - паррандаларни озиқлантириш учун илмий асосланган меъёрларни ишлаб чиқиш, уларнинг касалликларига қарши курашиш механизмини ўрганиш, барча турдаги парранда гўшти ва тухум маҳсулотларини қайта ишловчи технологик жараёнларни ишлаб чиқиш ва ҳ.к.
Марказ Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, Тинчлик массивидаги 1 гектар майдонда жойлаштирилади.
Олег Заманов.