Президент томонидан 19.06.2023 йилдаги “Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатларини молиялаштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида” ПФ-98-сон Фармон имзоланди
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 1 йилга $250 млн миқдорида фоизсиз маблағ ажратилади.
Банклар томонидан пахта-тўқимачилик кластерларига 2022 йилда ажратилган кредитларни қайтариш муддати 1 йилга узайтирилмоқда ($250 млн миқдоридаги қисм бўйича).
Шунингдек, газлама, трикотаж мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорт қилувчи корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш учун Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига пул маблағларини ажратиш тартибига аниқлик киритилмоқда.
Жамғармага маблағлар қуйидаги тартибда ажратилади:
- 2023 йилда — $50 млн,
- 2024 йилда — $150 млн (2026 йил 1 январда қайтариш шарти билан).
Маълумот учун: муқаддам $200 млн миқдоридаги маблағларни 3 йил муддатга йиллик 4% ставкада ажратиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.06.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.