2023 йил 18 декабрдаги ЎРҚ-883-сон Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзгартириш ва қўшимчалар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказишни, шунингдек сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантиришни, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштиришни, Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни ҳамда сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётган аёллар сонини оширишни назарда тутади.
Хусусан, Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ:
- Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 75 та ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади;
- Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади;
- партия рўйхати белгиланган тартибда рўйхатга олинганидан кейин, ушбу рўйхатга киритилганлар депутатликка номзод мақомини олади ва уларга гувоҳнома берилади;
- партия рўйхатига киритилган номзодлар ушбу сиёсий партиянинг аъзолари ёки партиясиз бўлиши мумкин. Бошқа сиёсий партиянинг аъзолари ушбу рўйхатга киритилиши мумкин эмас;
- аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари бўйича, шунингдек партия рўйхати асосида сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини (илгари 30 фоизгача) ташкил этиши керак. Бунда партия рўйхатидаги кетма-кетликда камида ҳар беш нафар номзоднинг икки нафари аёл киши бўлиши лозим.
Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари томонидан 9 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади ва доимий асосда фаолият юритади (илгари 15 нафар эди). Марказий сайлов комиссиясининг 1 нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикаси вакили бўлади.
Қонунга асосан, маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида 5 йил муддатга ўтказилади.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан қуйидагича белгиланади:
- аҳоли сони 2 млн нафаргача бўлган ҳудудларда – 30 тадан 40 тагача;
- аҳоли сони 2 млндан 3 млн нафаргача бўлган ҳудудларда – 40 тадан 50 тагача;
- аҳоли сони 3 млн нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 50 тадан 60 тагача.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик ўринлари сони аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда қуйидагича белгиланади:
- аҳоли сони 30 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 10 тадан 15 тагача;
- аҳоли сони 30 мингдан 100 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 15 тадан 20 тагача;
- аҳоли сони 100 мингдан 300 минг нафаргача бўлган ҳудудларда – 20 тадан 25 тагача;
- аҳоли сони 300 минг нафардан ортиқ бўлган ҳудудларда – 25 тадан 30 тагача.
Ягона сайлов округи бўйича сайланадиган Қонунчилик палатасининг депутатлик ўринлари ушбу сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг етти ва ундан кўпроқ фоизини тўплаган сиёсий партиялар ўртасида тақсимланади.
Агар сайловда иштирок этган сайловчилар овозларининг етти ва ундан кўпроқ фоизини фақат битта сиёсий партия тўплаган бўлса, унда депутатлик ўринлари сайловчиларнинг энг кўп овозини тўплаган иккинчи сиёсий партияга ҳам тақсимланади.
Партия рўйхати бўйича сайланган депутатлар ўртасида депутатлик мандатларини тақсимлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган партия рўйхатига киритилган депутатликка номзодлар кетма-кетлигига мувофиқ амалга оширилади.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан, Қонунчилик палатасининг камида 5 нафар (илгари уларнинг сони 9 нафарни ташкил этган) депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.12.2023 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова