Президент томонидан 29.07.2022 йилдаги “Спорт курашларининг олимпия турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-336-сон қарор имзоланди.
Ҳужжат спорт курашларини олимпия спорт турлари сифатида оммалаштириш, ёшлар орасидан спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш, миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
2023 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда спорт курашлари бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида навбатма-навбат республиканинг барча ҳудудларида (олимпия ва халқаро вазн тоифалари бўйича):
- ёшлар ўртасида Президент соврини учун халқаро спорт мусобақалари;
- ўсмирлар ўртасида «Uzbekistan-Grand Prix» халқаро спорт мусобақалари;
- катталар ўртасида «New Uzbekistan» халқаро спорт мусобақалари;
- шунингдек, Мудофаа вазирлиги, ИИВ ва ФВВ тизимида «Вазир кубоги», ДХХ тизимида «Раис кубоги», Миллий гвардия тизимида «Қўмондон кубоги», маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси кубоги», «Вилоят ҳокими кубоги» ва «Тошкент шаҳри ҳокими кубоги» мусобақалари ўтказилади.
Спорт мактаблари, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида спорт курашларининг камида битта тури бўйича, шунингдек, ихтисослаштирилган спорт мактабларида спорт курашларининг иккита тури бўйича секция ва бўлимлар ташкил этилади. Бунда, секция ва бўлимларни ташкил қилишга собиқ болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва уларнинг филиалларини мақбуллаштириш ва улар ходимларини қисқартириш натижасида бўшаб қолган бюджет маблағлари йўналтирилади. Ҳар бир туман (шаҳар)да спорт курашлари бўйича ҳаваскор ва профессионал спортчилардан иборат бўлган клублар очилади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Спорт курашларининг олимпия турларини 2022-2024 йилларда кенгроқ ривожлантириш дастури;
- 2022-2024 йилларда спорт курашларининг олимпия турларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари.
Қуйидагилар дастурни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
- спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутиладиган маблағлар;
- Қорақалпоғистон республикаси бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджети маблағлари;
- спорт федерация (ассоциация)лари, жамғармалар, клублар, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.07.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.