Ушбу соҳада давлат-хусусий шериклик шакллари, шунингдек уларни амалга ошириш, инвестиция лойиҳалари танловини ташкил этиш ва битимлар тузиш тартиби тасдиқланди (ВМнинг 1.03.2019 йилдаги 184-сон қарори).
Жисмоний ёки юридик шахслар хусусий шериклар бўлишлари мумкин, давлат ташкилотлари бундан мустасно. Давлат-хусусий шерикликнинг (бундан кейин – ДХШ) қуйидаги шакллари назарда тутилган:
- нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари биноларини қуриш ва улардан доимий фойдаланиш учун ер участкаларини бепул тақдим этиш;
- давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларининг фойдаланилмайдиган бинолари ёки корпусларини узоқ муддат бепул фойдаланиш учун хусусий шерикларга ўтказиш;
- мавжуд давлат жисмоний тарбия ва спорт муассасаларини қайта қуриш ва жиҳозлаш;
- кейинчалик оталиққа олиш (ташкилотга жисмоний ёки юридик шахс томонидан молиявий, маданий, таълим ва б. беғараз ёрдам кўрсатиш) шарти билан нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари объектларини қуришга ер участкаларини бепул тақдим этиш;
- концессия асосида қуриш, қайта қуриш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ёки бино ажратиш;
- хусусий шерикнинг мулки негизида ташкил этилган нодавлат жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларини моддий-техник ва молиявий жиҳатдан таъминлаш;
- оталиқ шаклидаги филантропик фаолият.
Санаб ўтилган шаклларнинг ҳар бирини амалга ошириш бўйича аниқ механизм белгиланган.
Давлат мулки бўлган бўш турган спорт объектлари инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан хусусий инвесторларга берилади. Вилоятлар кесимидаги бундай иншоотлар рўйхати ҳужжатга иловада келтирилган.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги давлат шериги ҳисобланади. ДХШ тўғрисидаги битим унинг томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига кўра тузилади. Бунинг учун махсус танлов комиссиялари шакллантирилади. Танловда иштирок этиш учун хусусий шерик қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
- ариза, юридик шахс рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома ёки паспортнинг (жисмоний шахслар учун) кўчирма нусхаси;
- ариза тақдим этиладиган кундан камида 1 ой олдин солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳамда бошқа молиявий санкциялар йўқлиги тўғрисида ариза;
- спорт муассасаси биносини қуриш (қайта қуриш) юзасидан тегишли таклиф;
- спорт муассасаси биносини қуриш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар.
Таклифи ДХШ лойиҳасини амалга ошириш учун энг мақбул деб топилган иштирокчи ғолиб бўлади.
Вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик ва идораларга 3 ой муддатда ўзларига тегишли бўш турган спорт объектлари, шунингдек реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши зарур бўлган спорт муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.03.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.