Президентнинг 30.05.2024 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-200-сон қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш бўйича республика комиссияси, шунингдек ҳудудларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилади.
Республика комиссиясининг асосий вазифалари:
- очиқ мулоқотни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни тезкор ва сифатли амалга ошириш, бу борада эксперт гуруҳлари, ҳудудий ишчи гуруҳлар, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;
- тадбиркорлар мурожаатлари ва таклифларини туну кун қабул қилиш ва умумлаштириш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, тадбиркорларнинг алоҳида масалаларини жойларда тезкорлик билан ҳал қилишни ташкил этиш;
- ҳудудларда тадбиркорлар билан мулоқот ҳафталикларини ташкил этиш, очиқ мулоқотни ўтказиш жойи ва муддати бўйича таклифлар ва иштирокчилар рўйхатини шакллантириш ҳамда Тадбиркорлар кунини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаш.
Ҳар йили 15 июндан бошлаб очиқ мулоқот ўтказилгунга қадар махсус электрон платформалар, ССП ҳузуридаги Саll-марказ хизмати, ижтимоий тармоқлар ва сайёр қабуллар орқали тадбиркорларнинг мурожаатлари туну кун қабул қилинади.
ССП Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда очиқ мулоқот доирасида мурожаатларни қабул қилиш, умумлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек, очиқ мулоқот натижалари, қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларини жойлаштириб бориш имконини берувчи “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” электрон платформасини ишга туширади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти 2024 йилда Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади.
2024 йил август ойида халқаро бизнес форум ўтказилиши, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчилари билан ҳамкорликда салоҳиятли инвесторларни жалб этиб, келишувлар амалга оширилиши, жорий йил якунига қадар эса – “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастури доирасида йирик хорижий ишлаб чиқарувчи компаниялар брендларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова