Президент 29.06.2017 йилдаги «Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Филиалнинг асосий вазифалари:
- транспорт тизимлари ва йўллари ҳамда уларнинг эксплуатацияси, кимёвий технология, бино ва иншоотлар қурилиши ва материаллари, озиқ-овқат технологияси, технологик машина ва жиҳозлар, енгил саноат технологияси, экология ва саноат хавфсизлиги соҳаларида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;
- иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришнинг илмий-технологик вазифаларини ҳал этишга, илғор хорижий технологияларни синаб кўриш ва жорий этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш ва ишланмаларни амалга ошириш;
- хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибасини ва мамлакат иқтисодиёти талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли муҳандислик-техник ва ишлаб чиқариш йўналишлари ҳамда мутахассисликлар бўйича илмий-услубий адабиётларни ишлаб чиқиш;
- қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-таълим жараёнига чет эллик мутахассисларни жалб этиш мақсадида техника соҳасидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.
Филиалнинг ташкилий тузилмаси ва Филиални ташкил этиш ва унинг моддий-техник ва илмий-педагогик базасини таъминлаш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Филиал Термиз шаҳри, Султон Саодат кўчаси, 288 “а”-уй манзили бўйича Термиз давлат университети қошидаги Термиз академик лицейининг биносида жойлашади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.