Президент томонидан 21 январь куни «Ўрмон хўжалиги соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 1 февралдан:
а) қуйидагилар:
- Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмасида Илмий ташкилотлар фаолияти ва инновацияларни жорий этишни мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилади. Бошқарма мақсади – ўрмон хўжалиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, хорижий стажировкаларни тизимли ташкил этиш, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;
- Жиззах давлат ўрмон хўжалиги Ғаллаорол бўлимининг «Оқтош» участкасидаги оналик писта плантациялари негизида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Пистачилик илмий-тажриба станцияси ташкил этилади. Унинг мақсади – пистачиликни ривожлантириш, пистанинг янги ва серҳосил нав ҳамда шаклларини танлаш, районлаштириш, пистачилик бўйича ўрмончилар, фермер ва деҳқон хўжаликлари учун семинар, тренинг ва бошқа тадбирлар ташкил этиш;
- Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти тузилмасида Ўрмон иқтисодиёти бўлими ташкил этилади. Унинг мақсади ўрмон тадбирларининг технологик хариталарини ишлаб чиқиш ва ўрмон амалиётига жорий этишни таъминлаш ҳисобланади;
б) Ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғчилигини таҳлил қилиш маркази унинг моддий-техник базасини сақлаган ҳолда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтига берилади.
Шунингдек Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги «Ўрмонлойиҳа» ДУК негизида давлат муассасаси шаклидаги «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институти ташкил этилади. Унинг мақсади ўрмон хўжалиги соҳасидаги лойиҳа-қидирув ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш, ўрмон хўжалиги тадбирларини мунтазам лойиҳа ҳужжатлари асосида ташкил этишдан иборат.
Қуйидагилар «Ўрмонлойиҳа» лойиҳалаш институтининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- давлат ўрмон фонди ер майдонларида ўрмон тузиш, лойиҳа-қидирув ишларини бажариш, ўрмон таксациясини ишлаб чиқиш, давлат ўрмон фондини хатловдан ўтказиш, ўрмон хўжаликларининг ишлаб чиқариш режаларини лойиҳалаш;
- қуйидагилар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш:
- шаҳар ва бошқа аҳоли яшаш пунктлари атрофини, автомобиль ва темир йўллар ёқасини кўкаламзорлаштириш ишлари;
- Орол ва Оролбўйи минтақасида, шунингдек республиканинг бошқа ҳудудларида чўлланишнинг олдини олиш ҳамда эрозияга қарши курашиш мақсадида ўрмонзорлар барпо этиш;
- мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни оширишга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун иҳота дарахтзорларини барпо этиш;
- инновацион технологиялар асосида давлат ўрмон хўжаликлари ер майдонлари чегараларини, ер тоифаларини аниқлаш ва уларнинг хариталари, электрон маълумотлар базасини шакллантириш;
- ўрмонларнинг давлат ҳисобини ва мониторингини юритиш, уларнинг ахборот-ресурс фондини яратиш;
- геоахборот тизимларини ўрмон тузиш, мониторинг ва лойиҳалаш ишларига жорий этиш.
2021 йил 1 январдан бошлаб Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси умумий тушумларининг 5%и Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ва унинг тизимидаги илмий ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
Ҳужжат 2021 йил 22 январда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Эльмира Сиразиева.