Президентнинг 28.01.2022 йилдаги “Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-106-сон қарори қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
- уруғликлар етиштиришга ихтисослашган ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ғўза, бошоқли дон, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ва озуқа экинларини уларнинг турлари ҳамда навлари бўйича жойлаштириш;
- уруғликлар етиштиришга ихтисослашган ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги субъектларининг “Ягона электрон тизими”ни яратиш;
- уруғлик етиштирувчи субъектларда вегетация даврида пахта ва бошоқли дон майдонларида камида уч марта, бошқа уруғчилик майдонларида камида икки марта, уруғликларни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида доимий мониторинг юритиш;
- қишлоқ хўжалиги экинлари тури ва навидан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиб олиш бўйича тавсия, қўлланма, меъёрий ҳужжатлар тайёрлаш ва уруғчилик субъектларига етказиб бериш;
- уруғчилик субъектларида етиштирилган пахта, бошоқли дон, сабзавот, полиз, мойли, дуккакли ва озуқа экинлари уруғликларини халқаро стандартларга мос равишда тайёрлаш ва қадоқлаш ҳамда ички ва ташқи бозорга "Uzbek seeds" миллий бренди асосида сотишни ташкил этиш.
Уруғликлар етиштиришга ихтисослашган ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги субъектларининг “Ягона электрон тизими”да субъект номи, экин тури, нави ва авлоди, уруғлик майдонига берилган минерал ўғитлар тури ва миқдори, ишлатилган кимёвий воситалар номи ва меъёри, апробация комиссиясининг навдорлик бўйича хулосаси, етиштирилган ҳосил тўғрисидаги маълумотларни акс эттирилади.
"Ўздонмаҳсулот" АК тизимидаги корхоналарга 20 та уруғлик дон тайёрлаш цехлари ушбу корхоналарнинг солиқ ва жамғарма олдидаги қарздорлигини объектнинг баҳоланган қиймати миқдорига камайтириш ҳисобига Марказга ўтказилди.
Бундан ташқари, "Ўзпахтасаноат" АЖ тизимидаги 11 та уруғлик чигит тайёрлаш цехлари уларнинг Давлат бюджети олдидаги қарздорлигини объектнинг баҳоланган қиймати миқдорига камайтириш ҳисобига Марказга берилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб ҳудудларни юқори авлодли уруғликлар етиштиришга ихтисослаштириш тизими жорий этилади. Бунда тупроқ унумдорлиги юқори, сув таъминоти яхши бўлган 200 минг гектар суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштиришга ихтисослаштирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.01.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.