Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди

15.10.2020

Рус тилида ўқиш

Бу Президентнинг 2020 йил 13 октябрдаги ПҚ-4861-сон қарорида назарда тутилган.

 

Марказ Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) тизимидаги Ўсимликлар карантини илмий маркази негизида ташкил этилди. ТошДАУнинг Термиз, Нукус ва Самарқанд филиалида ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Марказнинг замонавий лабораторияларга эга бўлган минтақавий филиаллари ташкил қилинади.

 

Қуйидагилар Марказ ва унинг минтақавий филиалларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш ва улар кириб келишининг олдини олишга қаратилган илмий асосланган фитосанитар чоралар ишлаб чиқиш;
  • карантиндаги ва бошқа хавфли зарарли организмлар ўчоқларини йўқ қилиш ва улардан ҳоли бўлган ҳудудларни белгилаш, улар тарқалишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш;
  • карантин объектлари ва ўсимликларнинг бошқа хавфли зарарли организмларини аниқлаш ва улар диагностикасининг экспресс-усулларини ҳамда уларга қарши курашишнинг услубларини ишлаб чиқиш;
  • зарарли организмларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига таъсирини илмий жиҳатдан ўрганиш, уларни зарарсизлантиришнинг инновацион усулларини ишлаб чиқиш ва янги турдаги энтомофаглар яратиш;
  • Инспекция ходимларига, тадбиркорлик субъектларининг агроном ҳамда энтомологларига билим бериш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш.

 

Марказ ва унинг минтақавий филиаллари ходимларига республика илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

 

Марказ Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Бобур кўчаси, 4-уй манзилида жойлаштирилади.

 

Ҳужжат билан шундай тартиб ўрнатилдики, унга мувофиқ:

а) 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилади. Улар маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштиришади, маслаҳатлар ва амалий ёрдам беришади;
  • ўз ҳудудида аниқланган зарарли организмлар ҳамда фитосанитар дала назоратини ўтказиш тўғрисида Инспекцияга ихтиёрий мурожаат қилган ва уларнинг оқибатларини бартараф этган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

 б) 2021 йил 1 январдан бошлаб хусусий сектор томонидан ташкил этилган, аккредитациядан ўтган карантин лабораториялари томонидан экспортга юкланаётган мева-сабзавот маҳсулотларига ва бошқа материалларга хулоса беришга рухсат берилади;

 в) 2021 йил 1 апрелдан бошлаб хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари (самолётлар, темир йўл вагонлари ва контейнерлари, юк автомашиналари) юк хоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва “детектор – хизмат ит”ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.

 

Қуйидагилар:

  • 2020-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида ўсимликлар карантини фаолиятини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 2020-2021 йилларда ташкил этиладиган ўсимликлар клиникалари, биолабораториялар ва қадоқлаш цехларининг прогноз кўрсаткичлари;
  • Инспекциянинг ташкилий тузилмаси;
  • Инспекция марказий аппаратининг тузилмаси;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияларининг намунавий тузилмаси;
  • ўсимликлар карантини ҳудудий инспекциялари ходимларининг сони;
  • автомобиль йўлларидаги, темир йўл станциялари, аэропортлар, дарё порти ва ташқи иқтисодий фаолият постларидаги ўсимликлар карантини бўйича чегара пунктлари ҳамда почтамтдаги пункт рўйхати;
  • Марказ  ва унинг минтақавий филиалларига бириктириладиган муассасалар рўйхати;
  • илмий-тадқиқот институтлари қошидаги карантин лабораториялари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси;
  • республикадаги биолабораториялар ва ўсимликлар клиникаларини тегишли илмий-тадиқот ва олий таълим муассасалари кафедраларига бириктириш жадваллари тасдиқланди.

 

Марказга бириктириладиган муассасалар қошида уруғлар, ўсимликлар, ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа материалларни карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш бўйича карантин лабораториялари ташкил қилинади.

 

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  • ТошДАУнинг Нукус филиалида “Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш бошланади;
  • қишлоқ хўжалигига ихтисослашган профессионал таълим муассасаларида “Ўсимликлар ҳимояси лаборанти” ва “Ўсимликлар ҳимояси ва карантини агрономи” каби мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрлари тайёрланади.

 

Йил якунига қадар “e-Fitouz” автоматлаштирилган ахборот тизимини “Ягона дарча” божхона ахборотлаштирилган тизимига интеграция қилиш ишлари тўлиқ якунланади, унга фермер ва деҳқон хўжаликлари, боғ-токзорлар, аҳоли томорқалари, об-ҳаво тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Декабрга қадар “e-Fitouz” тизими базасида “даладан экспортгача” бўлган занжирни қамраб олувчи тизимни яратилади ва ишга туширилади.

 

Шунингдек, ҳужжат билан карантиндаги ва экспортга салбий таъсир этувчи бошқа хавфли зарарли организмлар тарқалган ҳамда улардан ҳоли бўлган ҳудудларнинг электрон хариталари юритилишини жорий қилиш ва “даладан экспортгача” бўлган занжирда “бар-код” тизимини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.10.2020 йилдан кучга кирди.

 

Эльмира Сиразиева.