Президентнинг 14.02.2025 йилдаги "Uzagrostar xolding" компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-57-сон қарори қабул қилинди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кесимида базавий ва қамраб олинадиган туманлар белгиланади. "Uzagrostar xolding" компанияси (холдинг компанияси) таъсисчилигида туманларда маҳаллаларни маҳсулот етиштиришга ихтисослаштиришни чуқурлаштириш бўйича ихтисослашган компаниялар ташкил этилади. Бунда:
- базавий туманлар ихтисослашган компанияларнинг асосий фаолияти учун марказ ҳисобланади;
- қамраб олинадиган туманларда маҳсулотнинг муайян навларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва ташиш билан боғлиқ инновацияларни кенгайтириш, шунингдек уларда янги технологиялар ва ёндашувларни тарқатиш ҳамда жорий этиш назарда тутилади;
- дастлабки босқичда базавий туманларда ишларни бошлаш ва ихтисослашган компанияларни ташкил этишга тайёргарлик кўриш учун тегишли ҳудудда Холдинг компаниясининг юридик шахс бўлмаган лойиҳа офислари ташкил этилиши мумкин.
Аҳолининг томорқа ерлари ва деҳқон хўжаликларининг ер майдонларини маҳсулот етиштиришга ихтисослаштиришни рағбатлантириш учун қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш воситалари жорий этилади:
- Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан:
- узум кўчатларини шпалерга кўтариш учун – ҳар бир шпалер учун 15 минг сўмгача миқдорда субсидия берилади;
- томорқа ерларидаги боғларни янгилаш учун "in-vitro" кўчатларини харид қилиш харажатларининг 50 фоизи қопланади;
- Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан – 2025 йилда мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва харид қилиш учун ажратиладиган имтиёзли кредитларга 1 трлн сўм йўналтирилади.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун кредитлар тижорат банклари томонидан суғурта полиси ва 30 фоизлик гаров таъминоти асосида 14 фоиз ставкада (шундан банк маржаси – 5 фоиз) ажратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.02.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова