Президентнинг 16.11.2017 йилдаги қарори билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида “Таэквондо ва спорт фаолияти” факультетини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Факультет таэквондо WTF (WTF – Бутунжаҳон таэквондо федерацияси, таҳр. изоҳи) спорт турини янада ривожлантириш, шунингдек юқори малакали кадрлар ва спортчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилмоқда.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, университетда “таэквондо” ва “спорт тадбирларини ташкил этиш” таълим йўналишлари бўйича қабул квоталарини очилади.
Қуйидагилар факультетнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- таэквондо спорт турини ўқитиш ва амалий тайёрлаш услубларини ўзлаштирган юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
- юқори даражага эга бўлган хорижий ва мамлакатимизнинг малакали амалиётчи мутахассислари ва тренерларини таълим жараёнига жалб этиш;
- иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш; профессионал спортчилар тайёрлаш учун замонавий ўқитиш дастурлари ишлаб чиқиш ва бошқалар.
2 ой муддатда факультетни малакали мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш, ихтисослик фанлари бўйича ўқув-методик адабиётлар яратиш ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва молиялаштириш бўйича Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинади.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Ленара Хикматова.