Президентнинг 02.03.2022 йилдаги «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-150-сон қарори қабул қилинди.
Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида:
- Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларида бошқарма бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида бўлим бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимлари жорий этилади.
Қуйидагилар «Ватан таянчи» ҳаракатининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
- ўсиб келаётган ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик, маънавий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда қонунларимизга нисбатан юксак ҳурмат руҳида тарбиялаш;
- эркин фикрлайдиган, мустаҳкам билимли, жамиятда муносиб мавқеини эгаллаш қобилиятига эга, мустақил қарор қабул қилишга қодир, мамлакатининг, халқи ва ўз оиласининг фаровонлиги ва янада ривожланиши орзусида бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш;
- ўқувчи-ёшларни тузилаётган отряд атрофида бирлаштириш ва жипслаштириш, улар орасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўқув-тарбиявий тадбирларни амалга оширишда асосий ташкилотчи сифатида фаолият юритиш, ўқувчиларда ўқиш ва интизом бўйича юқори натижаларга эришишга иштиёқни уйғотиш ҳамда уларга ўрнак бўлиш учун фаол ҳаракат қилиш ва бошқалар.
«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати давлат муассасаси бўлиб, унинг асосий таъсисчиси Мудофаа вазирлиги ҳисобланади.
Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари «Ватан таянчи» ҳаракати фаолиятини мувофиқлаштириб боради. «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятини самарали ташкил этиш учун юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Давлат умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида таркиби 20 нафар 10-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлган «Ватан таянчи» отрядлари тузилади ва уларнинг фаолияти «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан мувофиқлаштириб борилади.
«Ватан таянчи» ҳаракати ҳузурида Васийлик кенгаши, унинг ҳудудий бўлимлари ва бўлинмалари ҳузурида эса -мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузилади, уларнинг таркибига Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, ДХХ, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилотининг вакиллари киритилади.
«Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:
- давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича дастурлар, «йўл хариталари» доирасида белгиланган тартибда ажратиладиган маблағлар;
- «Ватан таянчи» ҳаракатининг вақтинча бўш маблағларини давлат улуши бўлган тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган тушумлар;
- юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилмоқда, унга мувофиқ:
- «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятида фаол иштирок этган ҳамда давлат умумтаълим мактабини аъло баҳолар билан тамомлаган ҳар бир «Ватан таянчи» отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади;
- «Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган «Ватан таянчи» отряди аъзолари республика олий ҳарбий таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 5%и миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўладилар;
- «Ватан таянчи» ҳаракати томонидан республика олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.03.2022 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.