Президент томонидан 16.02.2023 йилдаги “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-24-сон Фармон имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2023 йилда:
- Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида йиллик қуввати 10 минг тонна бўлган майда шохли моллар учун витамин ва минераллар билан бойитилган омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналар;
- Самарқанд вилоятида Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти базасида Чорва ҳайвонлари генетик тадқиқоти лабораторияси ташкил этилади;
- Яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмасига аъзо қоракўлчилик-наслчилик хўжаликларида 500 минг бош майда шохли молларни рақамли идентификация қилинади.
Мазкур тадбирлар халқаро молия институтларининг грантлари ҳисобидан ажратилган 7,8 млн АҚШ доллари ҳисобидан амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига тегишли 500 гектар яйловларда қуёш энергиясида ишлайдиган насос агрегатлари ёрдамида ерости сувларини чиқариш ҳамда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича намунавий пилот лойиҳа амалга оширилади.
2023 йилнинг 1 августига қадар жисмоний ва юридик шахсларга ижарага берилган яйлов ер майдонларини хатловдан ўтказилиб, яйловлардан мақсадсиз фойдаланганлик ҳолатлари аниқланганда ушбу ер майдонлари Қўмитанинг фойдаланилишига ўтказилади. Шунингдек, яйлов ерларининг электрон ҳисоби юритилади.
2023 йилнинг 1 сентябрига қадар янги таҳрирдаги “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, ҳужжат билан табиат дунёси объектлари, жумладан Ferula Assa-foetida ва Ferula tadshikorum Pimenov ўсимликларига етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби белгиланмоқда.
Ferula tadshikorum Pimenov ўсимлигидан фойдаланишга уч йил муддатга мораторий эълон қилинмоқда.
Бундан ташқари, икки тарафлама музокаралар жараёнида каврак маҳсулотларини олиб киришда Ҳиндистон давлатининг импорт божларини бекор қилиш масалалари муҳокама қилинади.
Ҳужжат Қонунчилик ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.02.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.