2025 йил 24 апрелда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14,0 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сўнгги ойларда шаклланган умумий ва базавий инфляция кўрсаткичлари инфляцион жараёнларнинг ноаниқлиги сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Ялпи талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликлар ҳамда ташқи ноаниқликларнинг кучайиши билан боғлиқ хатарлар пул-кредит шароитларининг нисбатан қатъий жорий даражасида сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Қабул қилинган қарор инфляция ва инфляцион кутилмаларни барқарор пасайиш трендига қайтаришга ҳамда ўрта муддатли истиқболда 5 фоиз таргетга эришиш учун етарли шароит яратишга қаратилган.
Йил бошидан умумий инфляция даражаси ўсувчи трендга ўтиб, март ойида йиллик 10,3 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга базавий инфляция ҳам тезлашишда давом этиб, йиллик 8,1 фоизга етди. Бу, ўз навбатида, таклиф омиллари билан бир қаторда талаб омиллари ҳам нархларга оширувчи таъсир кўрсатаётганини акс эттирмоқда.
Ёқилғи ва энергия таъминоти яхшиланиши ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарорлиги таъсирида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари март ойида пасайган бўлса-да, улар жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада қолмоқда.
2024 йилда ўтказилган энергия нархлари эркинлаштирилишининг бирламчи таъсири II чорак якунида тугайди ва инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, халқаро савдо шароитларининг ёмонлашиши глобал истеъмол нархларининг ўсиши, ишлаб чиқариш харажатларининг ортиши ва ташқи инфляцион босимларнинг кучайиши хавфини оширмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил якунига қадар умумий инфляция кўрсаткичи 7-8 фоизлик прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин даражада шаклланиши кутилмоқда.
Биринчи чоракда иқтисодий ўсиш ялпи истеъмол ва инвестицион фаолликнинг ошиши ҳисобига 6,8 фоизгача тезлашди.
Трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг сезиларли ўсиши ва кредитлаш суръатларининг тезлашиши ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватламоқда.
2025 йилда юқори иқтисодий фаоллик ҳисобига ЯИМ ўсиши тенденцияси давом этиб, йил якунида 6 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бунда хусусий инвестициялар иқтисодий ўсишга ва товар ҳамда хизматлар таклифининг кенгайишига ёрдам беради.
2025 йил бошидан асосий савдо ҳамкорлар валюта курсларининг мустаҳкамланиши ҳамда сўм курсининг уларнинг валюталарига нисбатан барқарорлиги фонида реал самарали алмашув курси ўзининг ўрта муддатли тренди доирасида шаклланмоқда.
Пул-кредит шароитларининг жорий қатъийлик даражасини сақлаб қолиш кредитлаш ҳажмининг мўътадил ўсишига ва депозитларнинг юқори ўсиш суръатлари сақланишига ёрдам беради, бу эса ялпи талабни мувозанатлаштириш ва инфляцияга монетар омилларнинг таъсирини камайтириш имконини беради.
Юқорида келтирилган омилларни ҳисобга олиб, ўрта муддатли истиқболда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани ўзгаришсиз, йиллик 14,0 фоиз даражасида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўрта муддатли истиқболда мақсадли 5 фоиз инфляция даражасига эришиш мақсадида Марказий банк пул-кредит шароитларининг етарли даражада қатъийлигини таъминлайди.
Май ойида кутилаётган энергия нархлари эркинлаштирилишининг навбатдаги босқичининг инфляция ва инфляцион кутилмаларга иккиламчи таъсирларидан келиб чиққан ҳолда пул-кредит шароитлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2025 йил 12 июнь кунига режалаштирилган.