ДСҚ Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилишини назарда тутувчи, солиқ қарзини суддан ташқари ундириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси моҳиятини тушунтирди.
Қонун лойиҳасида (шарҳи – бу ерда) тан олинган солиқ қарзи солиқ тўловчи томонидан бу ҳақда талаб олган кунидан бошлаб 30 кун ичида сўндирилмаган тақдирда давлат солиқ хизмати органининг қарори асосида солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратилиши назарда тутилган.
Тан олинган (ёзма шаклда) солиқ қарзини тадбиркорлик фаолияти қисмида солиқ тўловчи – юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида қарор қабул қилишни солиқ хизмати органининг ваколатларига киритиш таклиф этилмоқда. Бу ундирувни жисмоний шахсларнинг мол-мулкига қаратиш масалаларига ҳеч ҳам дахл қилмайди.
Ҳозир солиқ қарзи тан олинганда ҳам солиқ органлари суд буйруғини бериш тўғрисида ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилишлари керак. У қаноатлантирилганда ундириладиган сумманинг 2%и миқдорида давлат божи ҳисобланади. Кўпинча унинг миқдори салмоқли бўлиб чиқади.
Масалан, 1 млрд сўм миқдорида тан олинган солиқ қарзи ундирилган тақдирда солиқ тўловчи учун давлат божи суммаси 20 млн сўмни ташкил этади. Солиқ органларининг қарори асосида ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тартиби бож ва почта харажатлари сингари молиявий харажатларни истисно этади.
Қонун лойиҳаси тан олинган солиқ қарзини тезкор ундириш ва унинг тартибини соддалаштириш, низосиз ишларни иқтисодий судлар юритувидан чиқаришга йўналтирилган. ИПКнинг 135-моддаси 1-бандида солиқ қарзини ундиришни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисида билдирилган талаб асосида суд буйруғини бериш тартиби белгиланган. Ушбу норманинг бекор қилиниши юқорида кўрсатилган соддалаштирилган тартибни жорий этиш ва суд буйруғи асосида ундириш тартибини бекор қилиш имконини беради.
Шу тариқа, солиқ тўловчилар солиқ қарзини тан олган тақдирда мажбурий ундирув – солиқ органларининг қарорига кўра, тан олинмаганда эса даъво бериш тартибида суд қарори асосида амалга оширилади.
Солиқ тўловчига солиқ қарзини сўндириш тўғрисида талаб олган кунидан бошлаб 30 кун ўтгач, лойиҳада кўрсатилган солиқ хизмати органи қарорининг кучга кириш муддати (10 кун) берилади. Солиқ хизмати органининг қарори кучга кирганидан кейин уч иш куни ичида давлат ижрочиларига мажбурий ижро этиш учун йўлланади. Улар томонидан ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Шу тариқа, янги қонун лойиҳасида таклиф этилаётган тартиб солиқ қарзини тан олган солиқ тўловчига давлат божини тўлашдан озод бўлиш имконини бериши билан амалдагисидан фарқланади.