Президентнинг 5.08.2021 йилдаги «Ипотека кредити механизмлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-6274-сон Фармони қабул қилинди.
Биринчидан, Президентнинг 28.11.2019 йилдаги ПФ-5886-сон Фармонида 2020 йилда қишлоқ жойларда ва шаҳарларда янги тартибга мувофиқ кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва субсидиялар тўлашнинг мақсадли мўлжаллари (1, 2-иловалар) янги таҳрирда тасдиқланди.
Иккинчидан, Президентнинг 11.03.2021 йилдаги ПФ-6186-сон Фармонида қуйидагилар янги таҳрирда тасдиқланди:
- 2021 йилда янги тартиб доирасида ипотека кредитлари ва ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишнинг мақсадли параметрлари (1, 2-иловалар);
- 2021 йил учун уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати, бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредити ва ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидияларнинг энг кўп миқдори (3-илова).
Шунингдек Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобига «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК» МЧЖ иштирокида қишлоқ жойларда қўшимча кўп қаватли арзон уй-жойлар қуришнинг мақсадли параметрлари (41-илова) тасдиқланди.
2-банд 5, 6-хатбошилар билан тўлдирилди. Уларга мувофиқ 2021 йил 1 октябрга қадар қурилиши якунланиб, фойдаланишга тайёр ҳолда топширилган квартираларни сотиб олиш учун ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича субсидиялар сотиб олинаётган квартиранинг майдони ва нархи мазкур Фармоннинг 3-иловасида келтирилган квартира майдонининг энг кўп меъёри ва уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошган тақдирда ҳам тўланади. Бунда сотиб олинадиган квартиранинг нархи уй-жойнинг ҳисобланган қийматидан ошиб кетган тақдирда, қийматнинг қолган қисми қарз олувчи томонидан ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.
Президентнинг 28.11.2019 йилдаги ПФ-5886-сон Фармони 4-банди 3-хатбошиси ҳамда Президентнинг 11.03.2021 йилдаги ПФ-6186-сон Фармони 1-банди 5-хатбошисига мувофиқ уй-жойларнинг ҳисобланган қиймати ҳар йили Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади ва ҳар 6 ойда қайта кўриб чиқилади.
Шунингдек бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.08.2021 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.