Вазирлар Маҳкамасининг 24.09.2021 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий ташкилотларнинг тузилмаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 601-сон қарори қабул қилинди.
Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2021 йил 3 февралдаги ПҚ-4975-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар ташкил этилди:
- Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси негизида Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти;
- Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё филиали негизида Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти;
- Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси ва Шоличилик илмий-тадқиқот институтининг Қорақалпоғистон илмий-тажриба станцияси негизида Дон ва шоли илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси.
Шунингдек, Академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ва Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти давлат муассасаси шаклида қайта ташкил этилган ҳолда Миллий марказ тизимига ўтказилди.
Миллий марказ тизимига ўтказилган илмий-тадқиқот институтлари, илмий ишлаб чиқариш станциялари ва участкаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ҳужжат билан тизимга кирадиган барча 15 та ИТИнинг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.09.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.