Президентнинг 14.04.2021 йилдаги ПҚ-5075-сон қарори билан Президентнинг 9.02.2021 йилдаги «Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4984-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжатга мувофиқ қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Биринчидан, Молия вазирлиги томонидан қоракўлчилик соҳасини янада ривожлантиришга ажратиладиган маблағлар миқдори оширилди. Хусусан, Молия вазирлигининг вақтинча бўш турган маблағлари ҳисобидан 2021 йилда 15 февралга қадар 100 млрд сўм, 1 майга қадар 50 млрд сўм ва 1 августга қадар 50 млрд сўм маблағларни ажратиш топширилди. Ушбу маблағлар остида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар назарда тутилади. Маблағлар Марказий банк асосий ставкасида ажратилади (илгари Молия вазирлиги томонидан «Туронбанк» АТБга ажратиладиган маблағлар миқдори 100 млрд сўмни ташкил этган).
Иккинчидан, энди Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзолари бир йиллик имтиёзли давр билан, Марказий банкнинг асосий ставкасига икки фоизли банк маржасини қўшиш орқали ҳисобланган ставка бўйича хом ашё, материаллар ва фурнитуралар сотиб олиш учун 3 йиллик муддатга кредит олишлари мумкин.
Учинчидан, Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасига «Туронбанк» АТБ билан биргаликда ажратилаётган маблағларнинг мақсадли йўналтирилишини ташкил қилиш ва ҳар чорак якуни бўйича маблағларнинг сарфланиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Молия вазирлигига ҳисобот киритилишини таъминлаш топширилди. Ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан назорат қилинади.
Тўртинчидан, 1.01.2022 йилга қадар қоракўлчиликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари божхона божидан озод қилинади.
Ҳужжат қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада насл кўрсаткичларини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати ва экспортбоплигини ошириш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.04.2021 йилдан кучга кирди.
Наргиза Воҳидова.