Президентнинг 29.04.2024 йилдаги “Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги ПФ-165-сонли қарори қабул қилинди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда лойиҳа офиси яратилди. У Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари ҳамда бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган дастурларга мувофиқ қиймати 10 миллиард сўмдан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларини кўриб чиқиш ваколатига эга.
2024 йил 1 июлдан бошлаб объектларнинг смета қиймати «Қурилиш ресурслари миллий классификатори» электрон платформаси маълумотлари асосида шакллантирилади.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилган ҳолда, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг «Қурилишда давлат назорати» электрон платформаси орқали расмийлаштирилади.
Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича техник назорат хизматини кўрсатишга қуйидаги объектларда аутсорсинг асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга рухсат берилди:
- 2025 йил 1 январдан бошлаб — тажриба тариқасида қурилиш (таъмирлаш) ишлари янгидан бошланадиган мактаб, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида;
- 2026 йил 1 январдан бошлаб — бошқа қурилиш (таъмирлаш) объектларида (давлат сирлари билан боғлиқ бўлган объектлар бундан мустасно).
2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишда мактабгача таълим ташкилотларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларга йўналтирилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизимларига вазирлик ва идораларнинг ўзаро интеграция қилинган ахборот тизимлари орқали тақдим этиладиган қўшимча маълумотлар рўйхати;
- Қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш, бошқариш ва назорат қилиш самарадорлигини янада ошириш бўйича «йўл харитаси».
Ҳужжат билан Президентининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.04.2024 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова